ЁХИ ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги Институти

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги Институти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 майдаги № ПҚ-2991 қарори билан  ташкил қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги олий техник  мактаби Вазирлар Mахкамасининг 1993 йил 11 августдаги 404-сонли қарорига асосан, собиқ Иттифоқ ИИВга қарашли Ёнғиндан сақлаш олий техник мухандислиги мактаби Tошкент факультети ҳамда Tошкент ёнғин-техника билим юртлари базасида ташкил этилган бўлиб, Ички ишлар вазирлиги тизимига киради.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги Институти (кейинги ўринларда Институт деб юритилади) фаолияти Низом асосида амалга оширилади.

Институт Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги хизмати тизими учун, юқори касб маҳоратига эга бўлган, жумладан, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ёнғинни ўчириш ва унинг олдини олиш, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш, моддий бойликларни қўриқлаш ҳамда асраш вазифаларини самарали бажаришга қодир бўлган малакали мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланадиган, ихтисослашган олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Институт олий таълимнинг асосий ва қўшимча касбий ўқув дастурлари асосида таълим фаолиятини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, ўқув-методик, илмий ва бошқа фаолиятларни амалга оширади.

 

Услубий  кенгашлар

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХИ Услубий кенгаши ўқув-услубий ишларни ташкиллаштириш, назорат қилиш, Институт услубий фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаб бериш ва тузатишлар киритиш ҳамда дарслик, ўқув ва ўқув-услубий қўлланмаларни нашр қилиш масалаларини мухокама қилиш мақсадида Институт Илмий кенгашининг қарори билан ташкил этилган бўлиб «ЁХИ Услубий кенгаши тўғрисидаги Низом» асосида, жамоатчилик органи сифатида фаолият юритади.

Институтда учта Услубий кенгаш мавжуд бўлиб улар, «Гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар», «Умумкасбий ва табиий-илмий фанлар», «Ихтисослик фанлари» йўналишларидаги усбулий кенгашлардир.

Услубий кенгашнинг таркиби — раис, раис ўринбосарлари, котиб, секциялар раислари ва аъзолари, секциялар котибларидан иборат.

Кенгаш фаолияти унинг — «Гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар», «Умумкасбий ва табиий-илмий фанлар», «Ихтисослик фанлари» номли секцияларининг ИИВ ЁХИ бошлиғи тасдиқлаган режаси асосидаги фаолиятларидан ташкил топади ва секцияларининг тегишли вазифаларни бажаришлари орқали амалга оширилади.

Услубий кенгашнинг асосий вазифалари:

— Институт кафедралари томонидан тақдим этилган фан бўйича намунавий ва ишчи ўкув дастурларининг Давлат таълим стандартларига мос келишини ўрганиб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш;

— Институт профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари томонидан тайёрланган ёки Институтга мухокама қилиш учун тақдим қилинган монография, дарслик, ўқув қўллланма, ўқув-услубий қўлланма, ишланмаларга тақризчиларни тайинлаш ва уларни нашр этиш масаласи бўйича қарор қабул қилиш;

— “Профессор” ва “доцент” илмий унвонларини бериш тўғрисида тақдим этилган тавсияномаларни муҳокама қилиш;

— Ўқув жараёнини ташкиллаштиришга оид маълумотнома ва умулашмаларни муҳокама қилиш, ўқитиш сифатини яхшилаш, ўқитишнинг интерфаол усулларини, янги педагогик технологияларини жорий этиш, педагогик назорат, очиқ дарсларни ташкиллаштириш ва х.к. бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

— Институт профессор-ўқитувчилари томонидан яратилган илмий, илмий-оммабоб, илмий-услубий мақолаларни мухокама қилиш ва чоп этиш масаласи бўйича қарор қабул қилиш;

— Институт кафедралари ўртасидаги услубий-педагогик ҳамкорликни ташкил этиш;

— Институт кафедраларининг услубий-педагогик фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларини муҳокама қилиш ва тегишли қарор қабул қилиш;

— Тингловчиларининг илмий тўгараклари фаолиятига оид ахборотни муҳокама қилиш, уларни турли даражадаги олимпиадаларга иштирок этишга тайёрлаш масалаларини кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш;

— “Энг яхши лектор”, “Энг яхши амалий машғулот ўқитувчиси”, “Энг яхши лаборатория машғулоти ўқитувчиси”, “Энг яхши махсус синф” ва бошқа кўрик танловларини ташкиллаштириш, уларнинг натижаларини мухокама қилиш ва Институт Илмий кенгашига тегишли тавсиялар бериш;

— Кафедра ўқитувчиларига кафедрада ўтиладиган фанлар бўйича маъруза ўқишга рухсат бериш масаласи юзасидан Институт Илмий кенгашига тавсиялар бериш;

— Профессор-ўқитувчиларга махфий ҳужжатлар билан ишлашга рухсат бериш масаласи бўйича тавсия бериш;

— Институт кафедраларининг бошқа ОТМ (кафедра)лари билан ҳамкорлик шартномаларини ўрганиб чиқиш ва тасдиқлаш;

— Институт кафедраларининг профессор-ўқитувчиларни рағбатлантириш, мукофотларга тавсия этиш, унвон бериш, лавозимга тайинлаш ва бошқа масалалар бўйича такдифларини мухокама қилиш ва Институт рахбариятига тегишли тавсиялар киритиш.

 

Ёш  олимлар  Институти

Институтда «Ёш олимлар Институти тўғрисидаги Низом» асосида «Ёш олимлар Институти» фаолият юритади. Ҳозирги кунда Институт ёш ўқитувчиларидан 30 нафардан ортиғи ушбу «Ёш олимлар Институти»га аъзо ҳисобланади. Мазкур Институтга раҳбар этиб техника фанлар доктори, профессор Б.А.Мавлянқориев тайинланган. Низомда «Ёш олимлар Институти»нинг иш фаолияти мунтазам равишда Институт Илмий кенгашида кўрилиши, режаси тасдиқланиши ва унинг бажарилиши бўйича ҳисоботи муҳокама қилиниши белгилаб қўйилган.

«Ёш олимлар Институти» ўз олдига Институтдаги ёш ўқитувчи ва ходимларни илмий изланишларга йўналтириш, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа соҳалар назарияси бўйича замонавий йўналишлар ва амалиётда ўзини прогрессив натижалари билан ўрнак бўлган усуллар билан таништириш, уларга бу усулларни масалалар ечишга қўллашни ўргатиш вазифаларини қўяди.

Ёш тадқиқотчилар Институт машғулотларида илмий адабиётлардан фойдаланишни, соҳавий янгиликларни таҳлил қилиб, қўйилган масалаларни ечишга қўллашни ўрганадилар.

«Ёш олимлар Институти» фаолиятини унинг раиси ташкиллаштиради. «Ёш олимлар Институти» Илмий-тадқиқот ва таҳрир-нашриёт фаолиятини ташкиллаштириш бўлими ҳамда Илмий-текшириш маркази дастурлари билан келишилган ҳолда фаолият юритади.

Ушбу мақсадларда Институтда ички илмий семинар ташкил этилиб, «Ёш олимлар Институти» ўз фаолиятини асосан ички илмий семинар доирасида олиб боради. Семинарларда Институтнинг етакчи профессор-ўқитувчилари таклифлари билан юқори курсларнинг иқтидорли курсантлари ҳам иштирок этадилар.

«Ёш олимлар Институти» Институтдаги ёш илмий изланувчиларга қуйидаги ишларда ёрдам беради:

— илмий муаммолар ечимини қидириш;

— маҳсус ва илмий адабиётлар билан ишлаш;

— назарий билимларини чуқурлаштириш;

— етакчи олимлар томонидан олинган илмий натижалар билан танишиш;

— илмий-тадқиқот усуллари билан танишиш;

— илмий тажрибалар ўтказиш ва олинган натижаларни таҳлил қилиш усулларини ўрганиш;

— илмий маърузалар қилиш кўникмаларини шакллантириш;

— назарий олинган натижаларни амалиётга жорий этиш.

«Ёш олимлар Институти» ишида ИИВнинг бошқа олий таълим муассасаларининг ёш илмий изланувчилари ҳам иштирок этишлари мумкин. Шунингдек, семинар ишида Республиканинг етакчи олимлари ўз илмий маърузалари билан қатнашишлари мумкин.

«Ёш олимлар Институти» ёш илмий изланувчиларга Тошкент шахридаги етакчи олий таълим муассасаларида стажировка ўташларини ташкиллаштиришга, уларнинг илмий семинарларида қатнашишга ёрдам беради.

Ёш олимлар Институтининг раиси унинг аъзолари (илмий раҳбарлар ва изланувчилар) илмий фаолиятига ёрдам бериш, уларга мавжуд муоммаларни ҳал қилишда кўмаклашиш юзасидан Институт рахбарига аниқ таклифлар билан чиқади.

 

Сержантлар таркибини тайёрлаш Олий курсларининг Институтдаги ўқув жараёни

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси Сержантлар таркибини тайёрлаш Олий курслари курсантларига «Ёнғин хавфсизлиги хизмати фаолияти» курсини ўқитишдан кўзланган мақсад курсантларга ёнғин хавфсизлиги хизмати зиммасига юклатилган вазифаларни замонавий талаблар даражасида самарали бажариш учун зарур бўлган назарий-амалий билимларни бериш орқали мўлжалланган лавозимга касбий тайёрлашдан иборат этиб белгиланган.

Курснинг асосий вазифаси этиб ёнғин хавфсизлиги хизматининг истиқболдаги фаолиятини инобатга олиб, курсантларга махсус билим, ўқув ва кўникмани тизимлаштирган ҳолда бериш ҳамда малакасини шакллантириш, ёнғин хавфини баҳолашни тўғри ташкиллаштириш, олиб бориш, ёнғин хавфсизлиги талабларини тўғри қўллаш бўйича илғор миллий-хорижий тажрибани ўргатиш, шунингдек, келажакда улардан самарали фойдаланиш бўйича ўқув ва амалий кўникмаларни ҳосил қилиш ҳамда ривожлантириш каби вазифалар қўйилган.

Ўқув режасида курсни ўрганишга 942 соат ажратилган бўлиб, шундан:

– маърузалар – 216 соат;

– амалий машғулотлар – 384 соат;

– масканда ўтказиладиган машғулот – 28 соат;

– мустақил иш – 314 соатни ташкил этади.

Юқоридаги мақсад ва вазифаларни бажаришда тасдиқланган ўқув дастурига асосан, 4 та блокдан иборат 18 та фан ўқитилади. Жумладан,

1 блок – Гуманитар ва ижтимоий ҳуқуқий фанлар – 80 соатдан иборат бўлиб, 3 та фанни ўз ичига олади: Ўзбекистонда демократик, фуқаролик жамияти қуриш асослари – 28 соат; Касбий психологик ва педагогик тайёргарлик – 40 соат; Чет тили (Инглиз тили) – 12 соат.

2 блок – «Математика ва табиий–илмий фанлар» – 20 соатдан иборат бўлиб, ўз ичига 1 та – «Компьютер тайёргарлиги» фанини олади.

3 блок – Умумкасбий фанлар – 70 соатдан иборат бўлиб, 2 та фанни ўз ичига олади: Юридик тайёргарлик – 40 соат; Хизматга оид жисмоний тайёргарлик– 30 соат.

4 блок – Махсус фанлар – 458 соатдан иборат бўлиб, 12 та фанни ўз ичига олади:

– Электр мосламаларида ёнғин хавфсизлиги – 50 соат;

– Қурилишда ёнғин хавфсизлиги – 50 соат;

– Технологик жараёнларнинг ёнғин хавфсизлиги – 50 соат;

– Ёнғинга қарши сув таъминоти – 20 соат;

– Ёнғин ўчириш техникаси – 36 соат;

– Ишлаб чиқариш ва ёнғинга қарши автоматика – 36 соат;

– Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати фаолиятида бошқарувни ташкил этиш – 16 соат;

– Ёнғин ўчириш тактикаси – 44 соат;

– Қурилиш чизмачилиги – 14 соат;

– Ёнғин–саф тайёргарлик – 10 соат;

– Ёнғинларни суриштириш ва экспертизаси – 42 соат;

– Ёнғинни олдини олиш ишларни ташкил этиш – 90 соат.

Шунингдек, ИИВнинг «ЎзР ИИВ Ёнғин хавсизлиги шахсий таркибининг бошланғич ва касб тайёргарлиги Дастурини тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи талаблари асосида ИИВ Академияси СТТОК курсантлари билан 60 соатдан иборат «Бошланғич тайёргарлик» курси ўтказилади.

 

Якуний Давлат аттестациялари

Якуний Давлат аттестациялари Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг “Ўзбекистон Республикаси ИИВ олий таълим муассасалари битирувчиларининг Якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги Низом»и асосида ташкиллаштирилади.

Институтда якуний давлат аттестациялари Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг буйруғи билан тайинланган Якуний Давлат Аттестация комиссияларининг раислари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда Институтнинг буйруғи билан тайинланган Якуний Давлат Аттестация комиссияларининг аъзолари томонидан ўтказилади.

Институтда Якуний Давлат Аттестациялари 3-курсда «Чет тиллари бўйича якуний аттестацияси синови» ва 5-курсда «Гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар бўйича фанлараро якуний аттестация синови» ва «Малакавий диплом иши ҳимояси» шаклида ўтказиб келинади.

Институт Илмий Кенгашининг 2013 йилдаги қарори билан Институт битирувчиларининг ихтисослик фанлардан олган билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида, 2013-2014 ўкув йилидан бошлаб юқорида келтирилган Давлат Аттестация синовларига қўшимча равишда «Ихтисослик фанларидан фанлараро якуний аттестация синовини» ўтказилиши амалга киритилган.

“Ўзбекистон Республикаси ИИВ олий таълим муассасалари битирувчиларининг Якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги Низом»и талабларига асосан Ёнғин хавфсизлиги институтикурсантлари ўқув режасидаги фанларни тўлиқ ўзлаштирганларидан сўнг малакавий битирув (диплом) ишини бажаришлари зарурлиги белгилаб қўйилган.

Диплом иши – бу олий ўқув юртларидаги тингловчиларнинг битирув мустақил комплекс иши ҳисобланади. Диплом иши режада кўзда тутилган фанларни ўзлаштирилиши бўйича курсант малака даражасини акс эттиради ва унинг мустақил амалий иш фаолиятига йўналтирилган қобилиятини текшириш имконини беради.

Институтнинг 5-босқич курсантлари томонидан бажарилаётган малакавий битирув (диплом) ишларининг самарадорлигини янада ошириш, амалиёт билан бевосита боғлаш, диплом ишларини чуқур таҳлил ва ҳисоб-китоблар асосида тайёрланиши ҳамда олинган натижаларни амалиётга татбиқ этилиш самарасини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ва вилоятлар ИИБ ЁХБлардан Ёнғин хавфсизлиги хизматининг долзарб муаммоларини ўз ичига олган мавзулар рўйхати олиниши ва мазкур мавзулар курсант томонидан малакавий битирув ишини бажаришга қўйиладиган талабларга мувофиқлиги, уларнинг ҳозирги кунда долзарблиги ва мазкур мавзу юзасидан бажариладиган битирув ишидан кутилаётган натижалар ҳар томонлама таҳлил қилиниб, ҳар бир мавзу Институтнинг Илмий кенгашига муҳокамага қўйилиб, тасдиқланиши йўлга қўйилган.

Шунингдек, жойлардан олинган таклифлар асосида шакллантирилган мавзулар Институт раҳбарияти томонидан қайта кўриб чиқилиб, республикамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги туб ислоҳотларни инобатга олган ҳолда ўта муҳим ва тоифаланган объектларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ёнғин хавфсизлиги тизимида долзарб бўлган бошқа қатор мавзулар ҳамда Институт кафедраларида фаолият юритаётган илмий тўгаракларда олиб борилаётган илмий изланишлар натижаларида шаклланган мавзулар билан бойитилмоқда.

 

Рейтинг тизими

Институтда курсантлар билимини бахолашнинг «рейтинг тизими» Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2012 йил 25 августдаги 333-сонли буйруғи билан тасдиқланган «Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисида Низом» асосида ишлаб чиқилган «ИИВ ЁХИ курсантлари билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги Низом» талаблари асосида ташкил қилинади.

Рейтинг тизими тўғрисидаги Низомга мувофиқ:

Муайян фан бўйича курсантларнинг ўзлаштириш кўрсаткичи 100 баллик тизимда баҳоланади. Баҳолаш ушбу турлар орқали қуйидагича баллар тақсимоти билан амалга оширилади:

жорий назорат (ЖН) учун – 50 бал,

оралиқ назорат (ОН) учун – 20 бал,

якуний назорат (ЯН) учун – 30 бал ажратилади.

ЖН да фаннинг ҳар бир мавзуси бўйича курсантнинг билим даражаси аниқлаб борилади ва у одатда, амалий машғулот (семинар, лаборатория машғулоти ва ҳ.к.) ларда оғзаки сўров, суҳбат, назорат иши, коллоквиум, уй вазифаларини текшириш ва шу каби бошқа шаклларда амалга оширилади.

ЖН да курсантларнинг билим даражалари 50 баллик тизимда баҳолаб борилади ҳар бир курсант семестр мобайнида фанга ажратилган ўқув соатига боғлиқ равишда амалий машғулотларда камида 3-5 марта баҳоланади: Амалий машғулот ҳажми 18 соатгача бўлган фанларда камида 3 марта, 20 -30 соат бўлган фанларда камида 4 марта, 30 соатдан кўп бўлган фанларда камида 5 марта баҳоланадилар.

ЖН нинг якуний натижаси сифатида юқорида белгиланган сон (3,4,5 ) та максимал балнинг ўртача қиймати олинади.

Белгиланган меъёр (3, 4, 5 та баҳо)дан кам баҳо олган курсантнинг бахолари сони меъёргача 0 бал билан тўлдирилади, сўнгра ўртача бахо аниқланади.

Ҳар бир амалий машғулотнинг дастлабки 15-20 минут вақти курсант билан савол-жавоб, мунозара ўтказиш учун сарфланади. Ҳар бир курсант кетма-кет қатнашган ҳар 3 та амалий дарснинг бирида баҳоланиши (салбий ёки ижобий), хар бир амалий дарсда камида 5 нафар курсант баҳоланиши (салбий ёки ижобий) шартлиги белгилаб қуйилган.

 Лаборатория иши кўзда тутилган фанларда юқорида келтирилган тадбирлардан ташқари лаборатория машғулоти бўйича якуний ЖН алоҳида ўтказилади. Хар бир лаборатория иши 50 баллик тизимда баҳолаб борилади. Лаборатория машғулоти бўйича якуний ЖН сифатида ҳар бир лаборатория иши учун қўйилган балларнинг ўртача қиймати олинади. Фан бўйича якуний ЖН сифатида амалий машғулот ва лаборатория машғулоти бўйича якуний ЖН ларнинг ўртача қиймати олинади.

 ОН да курсантларнинг фаннинг бир неча мавзуларини қамраб олган бўлим ёки қисми бўйича назарий билимлари баҳоланади. У икки маротаба ўтказилади. 1-ОН семестрдаги мавзуларнинг ярми ўтилгандан сўнг, ушбу мавзулар бўйича тузилган билетлар орқали оғзаки савол-жавоб шаклида, 2-ОН семестр якунида фаннинг семестрга ажратилган мавзуларининг тўлиқ ҳажми доирасида компьютер ёрдамида тест усулида амалга оширилади. ОНлар учун 10 балдан ажратилади.

ЯН да курсантнинг билим, кўникма ва малакалари фаннинг семестр давомида ўтилган тўла ҳажми доирасида аниқланади ва у семестр якунида ўтказилади. Ўз.Р ИИВ ЁХИ Илмий кенгашининг қарори билан белгиланган (40% гача) фанлардан ЯН билетлар асосида оғзаки савол-жавоб, мунозара ва х.к. шаклида ўтказилади. Бошқа фанлардан ЯН таянч тушунча ва ибораларга асосланган «ёзма иш» усулида ўтказилади.

Ўқув режасига асосан семестрда фақат амалий машғулотлар ўтказилиши режалаштирилган фанлар — жисмоний тайёргарлик, ёнғин –саф тайёргарлиги, тил фанларидан курсантларнинг билим, кўникма ва малакалари алоҳида рейтинг тизими Низоми орқали баҳоланади.

Курсантнинг рейтинг дафтарчасига алоҳида қайд қилинадиган курс иши, ҳисоб-график ишлари, малакавий амалиёт, фан (фанлараро) бўйича якуний давлат аттестацияси, битирув малакавий иши — 100 баллик тизимда баҳоланади.

Курсантнинг семестрда жорий ва оралиқ назорат турлари бўйича тўпланган баллари ушбу назорат турлари умумий баллининг 55 фоизидан кам бўлса ёки семестр якунида жорий, оралиқ ва якуний назорат турлари бўйича тўпланган баллари йиғиндиси 55 баллдан кам бўлса, у академик қарздор деб ҳисобланади.

Академик қарздор курсантларга семестр тугаганидан кейин қайта ўзлаштириш учун бир ой муддат берилади. Шу муддат давомида фанни ўзлаштира олмаган талаба ўқув бўлими бошлиғи тавсиясига кўра белгиланган тартибда Институт бошлиғининг буйруғи билан талабалар сафидан четлаштирилади.

 

Стипендиялар

Институтда курсантларга стипендия тайинлаш ва тўлаш меъёрий хужжатларда белгиланган тартибда тайинланади.

Тартибга мувофиқ семестр якунида барча фанларни «аъло» (86-100 балл) баҳога ўзлаштирган курсантларга 1 коэффициент билан оширилган миқдорда, барча фанларни «камида яхши» (71-100 балл) ва камида битта фандан «яхши» (71-85 балл) баҳога ўзлаштирган курсантларга 0,75 коэффициент билан оширилган миқдорда, семестр якунида камида битта фандан «қониқарли» (55-70 балл баҳога ўзлаштирган курсантларга 0,5 коэффициент билан оддий миқдорда стипендия тайинланиши белгилаб қўйилган.

 

Ўқишни кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш

Ёнғин хавфсизлиги олий техник Институтида курсантларни ўқишини кўчириш, ўқишга қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш “Ўзбекистон Республикаси ИИВ олий таълим муассасалари тингловчи ва курсантлари ўқишини кўчириш, ўқишга қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги Низом”га мувофиқ амалга оширилади. Мазкур Низомда курсантлар: шахсий илтимосига кўра, бошқа ОТМга ўтказилганлиги сабабли, ҳарбий-тиббий комиссиянинг хулосаси асосида, ўкув дастурини тўлиқ ўзлаштирмаганлиги учун, ўрнатилган хизмат ва ўкув тартиб-интизомини бузганлиги учун, жиноят содир этиб судланганлиги учун курсантлар сафидан четлаштирилиши, курсантларни ўкишга қайта тиклаш масаласи уларни ўқишдан четлаштирилган вақтдан бошлаб 5 йил давомида кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган.

 

Ўкитишнинг техник воситалари, компьютер техникаси ва синфлари

Институт аудиторияларида ўқитишнинг техник воситаларидан стационар ўрнатилган интерактив мультимедиапроекторлар ҳамда оддий мультимедиапроекторлар мавжуд. Барча проектор техникаси кафедраларга тақсимланган ва ўқув машғулотларда қўлланилади. Институтда бевосита ўқув жараёни билан боғлиқ бўлган тузилмаларда, яъни, Умумилмий фанлар кафедраси тасарруфидаги компьютер синфида, Информацион технологиялар ва масофали ўқитиш бўлими тасарруфидаги компьютер синфларида, Ахборот-ресурс марказида ва кафедраларда 160 дан ортиқ компьютерлар ишлатилмоқда.

Компьютер синфларда фанлар бўйича машғулотлар ва тингловчиларнинг билимини баҳолаш юзасидан тест синовлари ўтказилади. Барча фанлардан тест саволлари ишлаб чиқилган. Компьютер синфларида фанлар бўйича амалий машғулотларни ўтказиш йўлга қўйилган бўлиб, бу машғулотларда курсантлар компьютерда ишлаш юзасидан ҳам амалий кўникмаларга эга бўлмоқдалар. Компьютер синфидан ташқари ўтказиладиган машғулотларда ҳам кафедралар компьютер техникасидан унумли фойдаланган холда ахборотларни мультимедиапроекторлар орқали намойиш қилмоқдалар.

Кафедраларда ўқитиладиган фанлардан ҳисоблаш дастурлари, виртуал лаборатория ишлари, фильмлар ва бошқа кургазмали материаллар ҳам жамланган.

 

Ахборот-ресурс маркази

Институтда ўқитиладиган барча фанлар ўкув-слубий адабиётлар билан таъминланган. Булар, ўқув дарсликлар, бадиий адабиётлар, илмий оммабоп адабиётлар мавжуд, даврий нашрлардир.

Ўзбекистон Республикасининг 2011 йилдаги “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Қонуни талабларига асосан кутубхоначилик соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот-кутубхона ишининг асосий услублари ва шаклларини қайта кўриб чиқиш, ахборотлаштиришни ҳисобга олган янги, такомиллашган ва самарали услубларни жорий этиш мақсадида Институт Ахборот-ресурс марказида ўзаро локал тармоққа уланган компьютерлар асосида Электрон кутубхона ташкил қилинган. Электрон кутубхонада Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан олий таълим муассасаларида ишлатишга тавсия этилган “ARMAT” — Ахборот-ресурс марказининг автоматлаштирилган тизими дастури ўрнатилиб ишга туширилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилдаги «ZiyoNET» таълим ахборот тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Институтнинг Ахборот-ресурс марказини «ZiyoNET» таълим ахборот тармоғига уланиши амалга оширилган.

 

Илмий-тадқиқот ишлари

Институтда илмий-тадқиқот ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратилади.  Илмий–тадқиқот ишлари ИИВнинг буйруғи билан тасдиқланган «Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасаларида илмий тадқиқод ишларини ташкил этиш тўғрисидаги Низом»га мувофиқ ҳамда Институт Илмий кенгашининг қарори билан тасдиқланган Институтнинг  илмий-тадқиқот ва ўқув-услубий ишлар режаси ва кафедралар бош илмий мавзулари асосида олиб борилади.

Институтнинг илмий-тадқиқот фаолиятига мўлжалланган вазифалари қуйидагилардан иборат:

— Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» талаблари асосида кадрлар тайёрлаш тизимларини ислоҳ қилишнинг меъёрий ва илмий-услубий асосларини ишлаб чиқиш, тадқиқотлар ўтказиш ва амалда қўллаш;

— Ёнғин хавфсизлиги йўналиши бўйича истиқболли илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;

— Ўзбекистон Республикаси халқ хўжалиги объектлари, аҳоли пунктлари ва шаҳарларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс илмий-тадқиқотлар ўтказиш.

Ҳозирги кунда Институтнинг 1 нафар ходими фан доктори ва 11 нафар ходими фан номзоди илмий даражасига эга, улардан: техника фанлари доктори – 1, кимё фанлари номзоди – 1, техника фанлари номзодлари – 2, физика-математика фанлари номзодлари – 3, тарих фанлари номзодлари – 2, кимё фанлари номзоди – 1, фалсафа фанлари номзоди – 1, педагогика фанлари номзоди – 1. Уларнинг 1 нафари профессор ва 3 нафари доцент илмий унвонларига эга.

Институт ташкил этилгандан буён Институт ходимлари томонидан ёнғин хавфсизлигининг долзарб муаммолари, техника фанлари, табиий фанлар, сиёсий-ижтимоий фанлар бўйича кенг қамровли илмий-тадқиқот изланишлари олиб борилган ва улардан 4 нафари фан доктори, 10 нафари фан номзоди илмий даражасига эришганлар ҳамда уларнинг 2 нафарига профессор ҳамда 7 нафарига доцентлик илмий унвонлари берилган.

Шу жумладан, 2009-2012 йиллар мобайнида Институтнинг 2 нафар ходими ва 2 нафар Институтга бириктирилган мустақил изланувчилар номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилишган:

  1. Институт илмий-тадқиқот ва таҳририй-нашриёт фаолиятини ташкиллаштириш бўлими бошлиғи подполковник Б.Т.Ибрагимов томонидан 2009 йилда 05.23.01-«Қурилиш конструкциялари, бинолар ва иншоотлар» ҳамда 05.26.03-«Ёнғин ва саноат хавфсизлиги» ихтисосликлари туташлиги бўйича «Применение упругопластических демпфирующих систем в пожароопасных сейсмостойких сооружениях в Республике Узбекистан» мавзусидаги номзодлик диссертацияси;
  2. Мустақил изланувчи полковник Х.М.Шарипов томонидан 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХИда бир маротабалик илмий кенгашда 05.26.03-«Ёнғин ва саноат хавфсизлиги» ихтисослиги бўйича «Научное обоснование разработки теплозащитного экрана для обеспечения противопожарной защиты объектов нефтеперерабатывающей промышленности» мавзусидаги номзодлик диссертацияси;
  3. Мустақил изланувчи полковник А.А.Носиров томонидан 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХИда бир маротабалик илмий кенгашда 05.26.03-«Ёнғин ва саноат хавфсизлиги» ихтисослиги бўйича «Пожарная безопасность специальных объектов силовых ведомств в условиях рисков кризисных ситуаций и террористических угроз» мавзусидаги номзодлик диссертацияси;
  4. Институт «Технологик жараёнларнинг ёнғин хавфсизлиги» кафедраси бошлиғи подполковник У.А.Ёқубов томонидан 2012 йилнинг 21 январь куни Тошкент давлат кимё технологиялари институти қошидаги бир маротабалик илмий кенгашда «Портландцемент мустаҳкамлигини дастлабки қотиш даврида тезлаштириш усулларини ишлаб чиқиш ва саноатга жорий қилиш» мавзусидаги номзодлик диссертацияси.

Ҳозирда Институтда 1 нафар катта илмий ходим-изланувчи ва 10 нафар илмий тадқиқотчи докторлик диссертацияси устида илмий изланишлар олиб бормоқда.

2012 йил йилдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори талаблари асосида ИИВ ЁХИда катта илмий ходимлар-изланувчилар институти ташкил этилган бўлиб, жами 1 нафар (майор Ш.Э.Қурбанбаев) катта илмий ходим-изланувчи докторлик диссертацияси устида илмий изланишлар олиб бормоқда. Икки  нафар ходимлар — капитан Қ.Муртазаев докторлик диссертацияси мавзуси Ўзбекистон Республикаси ВМ ҳузуридаги ОАК бюллетенида (2014 йилнинг 5-сони) эълон қилиниб, Тошкент давлат техника университети мустақил изланувчилар институтига қабул қилинди. Бундан ташқари уч нафар ходим: подполковник У.А.Ёқубов, подполковник Б.Хотамов, подполковник Ю.Пенларнинг докторлик диссертацияси мавзулари Ўзбекистон Республикаси ВМ ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси эксперт кенгашидан ўтказилиб, Ўзбекистон Республикаси ВМ ҳузуридаги ОАК бюллетенида эълон қилиниш учун тақдим этилган.

Институтнинг 5 нафар ходимлари (Б.Т.Ибрагимов, И.Ю.Хайдаров, С.Қ.Жумаев, Н.К.Ўразбаев, О.А.Тўлаганов) соҳага тааллуқли масалаларга қаратилган мавзуларда докторлик диссертациялари мавзуларини шакллантириш борасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар.

Институтнинг 2014 йил май ойида «Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХИ ёш педагогик ўқитувчиларнинг илмий ва педагогик салоҳиятини ошириш ва илмий-тадқиқот ишларига жалб этиш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши ишлаб чиқилиб, Институтда мустақил илмий изланишлар ва илмий-педагогик фаолият билан шуғулланувчи 11 нафар ўқитувчи ва ходимларни илмий-тадқиқот ишларини жадаллаштириш мақсадида мазкур ходимларга Институтнинг кўп йиллик илмий-педагогик тажрибага эга, илмий даражали профессор-ўқитувчиларидан мураббийлар бириктирилган ва уларнинг вазифалари аниқ белгилаб қўйилган.

Кафедралар профессор-ўкитувчилари томонидан олиб борилаётган илмий изланишларни мувофиқлаштириш, манзилли йўналтириш ва назарий савиясини ошириш мақсадида ҳар бир кафедра томонидан илмий-тадқиқот Бош мавзулари ишлаб чиқилган.

 

Нашр ишлари

Институт ИИВ тизимидаги ёнғин хавфсизлиги хизмати учун олий маълумотли, юқори малакали мутахассислар етиштириш бўйича республикада ягона таълим муассасаси эканлиги ва шу сабабли мутахассислик фанларини юқори савиядаги замонавий ўқув адабиётлари ва дарсликлар билан етарли миқдорда таъминлаш масаласи доимо долзарб ҳисобланади. Шуларни инобатга олиб Институт раҳбарияти томонидан ёнғин хавфсизлиги йўналишида замонавий дарсликлар яратиш  ва чоп этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Бугунги кунгача 2 та шундай дарслик тайёрланиб, Ўзбекистон Республикаси ОваЎМТВнинг Мувофиқлаштириш кенгаши тавсиясига биноан нашр этилди ва курсантлар томонидан кенг фойдаланилмоқда. Булар:

  1. 2010 йилда нашр этилган полковник Д.Х.Исраилов ва подполковник И.И.Сиддиқовлар муаллифлигидаги «Бино, иншоотлар ва уларнинг ёнғинга бардошлиги» номли дарслик. Мазкур дарслик 2010 йилда Республика миқёсидаги ўтказилган «Йилнинг энг яхши дарслиги» танловида ўз йўналишида ғолиб деб топилди;
  2. 2013 йилда нашр этилган полковник Н.А.Мансурходжаев ва подполковник У.А.Ёқубовлар муаллифлигидаги «Ishlab chiqarish texnologik jarayonlarining yong‘in xavfsizligi» дарслиги.

Мазкур йўналишдаги ишларни жадаллаштириш ва тизимли ташкил қилиш мақсадида Институтнинг фармойиши ишлаб чиқилиб, унга асосан ихтисослик фанларидан бугунги кунда энг долзарб бўлган 10 та дарсликни яратиш режалаштирилган бўлиб, ишчи гуруҳи ва муаллифлар таркиби тасдиқланган.

Ҳозирги вақтда янгиланишига зарурат туғилган ўқув-услубий адабиётлар замонавий талаблар асосида режали тарзда кафедралар томонидан қайта ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, 2011-2014 йиллар мобайнида 116 та ўкув-услубий адабиёт чоп этилган бўлиб, улардан 1 таси дарслик, 3 таси монография, 29 таси маъруза матнлари тўплами, 46 таси ўқув-услубий қўлланмалар, 27 таси ўқув-услубий кўрсатмалар, 1 таси масалалар тўплами, 3 таси конференция материаллари тўплами, 1 таси хужжатлар намунаси, 4 таси методик материаллардан иборатдир.

 

Илмий тўгараклар

Институтда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларига курсантларни жалб этиш, уларни ўқиш давридан бошлаб илмий изланишлар олиб боришга ўргатиш ва уларда илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш бўйича кўникма ҳосил қилиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Кафедралар қошида ташкил қилинган илмий тўгаракларга иқтидорли курсантлар жалб қилинган бўлиб, қуйидаги ишларни амалга ошириш йўлга кўйилган:

— долзарб мавзуларда рефератлар тайёрланиб, уларнинг натижалари конференцияларда тезис кўринишида ва журналларда мақола кўринишида чоп этиш;

— илмий мавзуларда макетлар ва слайдлар тайёрлаш, ўқув жараёнига татбиқ этиш;

— кафедра томонидан берилган долзарб  мавзуларда илмий изланишлар олиб бориш, натижаларини битирув малакавий ишлари кўринишида ҳимоя қилиш;

— ўқув жараёнига замонавий технологияларни жалб этиш мақсадида курсантлар билан биргаликда турли лаборатория стендлари ва қурилмаларни йиғиш устида ишлар олиб бориш.

Жумладан, ўтган 2014 йилда 60 та фандан 67 та илмий тугарак ташкил қилиниб, уларда 200 дан ортиқ курсант фаолият олиб боришди.  Натижада профессор-ўқитувчилар раҳбарлигида курсантлар томонидан 35 та мақола, 13 та фанлар бўйича макетлар, 10 та стенд ва 1756 та слайдлар яратилди.

Институтда курсантларнинг Институтда ва бошқа ҳарбий таълим муассасаларида ташкил этиладиган илмий-амалий конференцияларда иштирок этиши кенг йўлга қўйилган. Жумладан: ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси Тошкент Божхона олий ҳарбий институтида 2014 йил 17 апрель куни ўтказиладиган «Замонавий божхона тизимида ёш кадрларнинг ўрни» мавзусидаги тингловчилар ўртасидаги илмий-амалий конференцияда Институтнинг 17 нафар курсанти фаол иштирок этишди.

Бундан ташқари, 2014 йил 21 май куни Институтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилдаги фармойиши билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида 2014 йилда ўтказиладиган республика ва халқаро илмий-техник анжуманлар режаси»га киритилган «Таълим жараёни ва касбий фаолиятда ахборот комуникация технологиялари» мавзусида ўтказилган тингловчи ва курсантларнинг илмий-амалий конференциясида Институт курсантларининг кенг ва фаол иштироки таъминланди.

 

Фанлар олимпиадалари

Ўзбекистон Республикаси ОваЎМТВнинг 2011 йил 11 майдаги 192-сонли буйруғи асосида тасдиқланган «Талабалар Республика Фан олимпиадаси Низоми» талабларига мувофиқ Республика талабаларининг фанлардан ўтказиладиган Олимпиадасида қатнашиш учун Институтимизда ихтисослик ва умумтаълим фанлари бўйича иқтидорли курсантларни танлаб олиш, улардаги ижодий қобилиятларни рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ҳамда қўллаб-қувватлаш мақсадида Институт кафедралар фанларидан ички Олимпиадаси ўтказилиши йўлга қўйилган.

Институт ички олимпиадаси асосан умумилмий, умумкасбий, ижтимоий-иқтисодий ва махсус («Ҳуқуқшунослик ва Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси», «Психология ва педагогика», «Тарих», «Инглиз тили», «Информатика ва информацион технологиялар», «Ёнғин хавфсизлиги иқтисоди», «Амалий механика», «Қурилишда ёнғин хавфсизлиги», «Физика», «Математика», «Кимё», «Электротехника», «Технологик жараёнларда ёнғин хавфсизлиги», «Ёнғин ўчириш техникаси» ва бошқа) фанлардан ўтказилади.

Ички олимпиада ғолиблари Ўзбекистон Республикаси ОваЎМТВнинг ҳар йилги буйруқлари асосида республикамизнинг турли шаҳарларида жойлашган етакчи таълим муассасаларида ўтказиладиган Республика талабаларининг фанлардан ўтказиладиган Олимпиадасида қатнашиш ҳуқуқини олишади.

Жумладан, 2012 йилда Институтнинг 5 нафар, 2013 йилда 7 нафар, 2014 йилда 8 нафар, 2015 йилда 11 нафар курсанти Республика миқёсидаги фан Олимпиадаларида қатнашиб Фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар. Жумладан, 2015 йил 13-14 май кунлари Мудофаа Вазирлигининг Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида «Ҳуқуқшунослик ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш» фанидан ўтказилган Талабалар республика фан олимпиадасида Институтнинг 4 курс курсанти Ф.Абдурахмонов фахрли иккинчи ўринни эгаллади.

 

Илмий-текшириш Маркази фаолияти

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ёнғин хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги 2001 йилдаги қарори асосида Ички ишлар вазирлигининг 2002 йилдаги тегишли буйруғи билан Институтда ёнғин хавфсизлиги муаммоларини ўрганиш бўйича Илмий-текшириш Маркази ташкил қилинган.

ИТМ ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Қонунчилиги, ИИВ ва Институтнинг меъёрий-ҳуқуқий хужжатлари, Институтнинг ва Ёнғин хавфсизлиги муаммолари бўйича илмий-текшириш марказининг Низомлари асосида олиб боради.

Илмий-текшириш марказининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

- ёнғин хавфсизлиги сохасида назарий ва амалий тадқиқотлар бажариш;

- Ўзбекистон Республикасида ёнгин хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришнинг хуқуқий ва техник-ташкилий масалаларини ишлаб чиқиш;

- ёнғинлapни олдини олиш ва ўчиришнинг замонавий технологияларини жорий қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;

- Вазирликлар, Давлат идоралари, корхона ва ташкилотларга тегишли объектларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чикишга ва шунингдек янги турдаги техник ишланмалар, буюмлар, материаллар ва янги конструкторлик ишланмаларнинг намуналарини синаш ва кейинчалик уларни ишлаб чиқаришга тадбиқ, қилиш ишлари бўйича амалий ёрдам бериш;

- Институт жамоаси, алохида ходимлари ва кафедра, бўлим ва бўлинмаларининг илмий-техник ва ўқув-услубий потенциалини ривожлантириш ва самарали тарзда тўлик, ишлатилишини таъминлаш учун зарур бўлган иқтисодий, ижтимоий ва ишлаб чиқариш шароитларини яратиш ишларида иштирок этиш;

- илмий изланишлар самарадорлиги ва илмий-техник потенциални ошириш, илмий изланишлар натижаларини ўқув жараёнларида қўллаш ва тингловчиларни илмий изланишларга жалб қилиш орқали мутахассислар тайёрлашнинг сифатини ошириш ва янги илмий йуналишлар ва юқори малакали илмий жамоалар тузиш;

- Институтнинг илмий ва моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларнинг малакасини ва касбий махоратини ошириш.

Марказда қуйидаги лаборатория қурилмаларида синовларни ўтказиш учун «Узстандарт» Агентлигидан сертификатлар олинган:

-ГОСТ 12.1.044-89 «Пожаровзрывобезопасносность веществ и материалов» стандартига мувофиқ тутун ҳосил қилиш коффициентини аниқлаш бўйича қурилма.

-ГОСТ 28157-89 стандартига мувофиқ аланганинг тарқалиш тезлигигини аниқлаш бўйича қурилма. Мазкур қурилма модда ва материалларда аланганинг тарқалиш тезлигини аниқлаш учун мўлжалланган.

-ГОСТ 28157-89 «Кабель, провода и шнури. Методы проверки на нераспространение горения» стандартига мувофиқ алангани тарқатмаслик хоссосини аниқлаш учун кабель, сим ва шнурни текшириш қурилмаси. Мазкур қурилма алангани тарқатмаслик хоссасини аниқлаш учун кабель, сим ва шнурни текшириш учун мўлжалланган.

-ГОСТ 12.1.044-89 Пожаровзрывобезопасносность веществ  материалов» стандартига мувофиқ қурилиш материаллари ёнувчанлигини аниқлаш «Трубчата печь ИСО» қурилмаси. Мазкур қурилма ёнмайдиган материаллар гуруҳини экспериментал аниклашга мўлжалланган.

-ГОСТ 12.1.044-89 «Пожаровзрывобезопасносность веществ и материалов» стандартига мувофиқ қурилиш материаллари ёнувчанлигини аниқлаш «Керамическая труба» қурилмаси. Мазкур қурилма қийин ёнувчан ва ёнувчан қаттиқ модда ва материалларнинг гуруҳини экспериментал аниқлашга мўлжалланган.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Полимерлар кимёси институти, Кимё-технология институти, Ўзбекистон Миллий университети Киме факультети ходимлари билан биргаликда ишлаб чиқилаётган янги полимер материалларнинг ёнғин хавфсизлиги даражасини ошириш ва уларнинг ёнғинга хавфлилигининг сифат ва сон кўрсаткичларининг тавсилотларини аниқлаш бўйича тадқиқотлар ўтказилиб келинмоқда.

Ҳозирги кунда ИТМ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан ажратилган Давлат грантлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Полимерлар кимёси ва физикаси институти, Тошкент Тўқимачилик ва енгил-саноати институти, Тошкент техника университети ва шунингдек ЎзР ФА Ион плазмаси ва лазер технологиялари институтлари билан ҳамкорликдаги илмий-тадқиқот ишларини қуйидаги йўналишларда олиб бороқда. Жумладан:

  1. Фундаментал тадқиқотлар йўналишида 2012-2016 йилларга мўлжалланган, Тошкент Тўқимачилик ва енгил-саноати институти ва Тошкент техника университети билан хамкорликда «Тўқимачилик материалларини модификациялаш учун янги олигомер ва полимер антипиренларни яратишни назарий асосларини ишлаб чиқиш» мавзусидаги ва
  2. Амалий тадқиқотлар йўналишида 2012-2014 йилларга мўлжалланган, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Полимерлар кимёси ва физикаси институти билан хамкорликда «Қийин ёнувчан ёғоч қириндили плиталар ишлаб чиқаришнинг экологик хавфсиз технологияси» мавзудаги лойихалар бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Бу йўналишда олиб борилаётган ишларни муваффақиятли якунлаш ҳамда олинган илмий натижаларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг 2015-2017 йилларга мўлжалланган амалий тадқиқотлар илмий-техника дастурига Институт профессор-ўқитувчилари билан Тошкент архитектура ва қурилиш институти олимларининг ҳаммуалифликдаги «Саноат чиқиндилари асосида олинган ресурстежамкор антипиренлар билан ишлов берилган оловбардош қурилиш материалларини яратиш ва тадқиқ этиш» ва Тошкент давлат техника университети олимлари билан ҳамкорликдаги «Экологик хавфсиз оловбардош сув дисперсли бўёқларни олишнинг янги технологиясини ишлаб чиқиш» мавзуларидаги амалий тадқиқот лойиҳалари киритилган бўлиб, бу йўналишдаги илмий изланишлар бошлаб юборилган.

Шунингдек, Республика Фанлар Академияси Ион-плазма ва лазер технологиялари институти (етакчи корхона) билан ҳамкорликдаги «Маҳаллий минерал хом-ашё – юқори дисперсли вермикулит асосида белгиланган хоссаларга эга бўлувчи янги турдаги материаллар олишнинг замонавий технологиясини яратиш» лойиҳаси бўйича ҳам илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу Давлат грантлари бўйича илмий-тадқиқот ва текшириш ишлари ЎзР ИИВ ЁХИдаги Ёнғин хавфсизлиги муаммолари бўйича Илмий-текшириш маркази лабораториясидаги Давлат стандартлари талаблари асосида қурилган лаборатория ускуналарида ва республикамизнинг нуфузли илмий марказларидаги замонавий лабораторияларида амалга оширилмоқда.

Олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижалари бўйича 30 дан ортиқ илмий мақолалар, маъруза тезислари халқаро ва республика миқёсидаги илмий журналлар ва анжуманлар тўпламларида эълон қилинди. Шунингдек, ушбу даврда режага асосан 3 та монография тайёрланди ва чоп этилди. Йил якунлари бўйича ҳар йили Давлат грантлари бўйича йиллик хисоботлар ва уларнинг электрон вариантлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасига ўз вақтида тақдим этиб келинмоқда. 2012, 2013, 2014 йилларда Давлат грантлари бўйича бажарилган илмий-тадқиқот ишлари ҳисоботлари Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг эксперт гуруҳи томонидан муваффақиятли бажарилган деб топилди.

Ҳозирги кунда Илмий текшириш марказида Республикамизда ҳамда хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган алюмин композицион панеллар, полимерлар асосидаги пластик материаллари ўрганилиб, уларнинг ёнувчанлигини пасайтириш мақсадида панелларнинг ёнувчанлик гуруҳи, алангаланиш гуруҳи, тутун ҳосил қилиш гуруҳи, улардан ажралиб чиқадиган газларнинг заҳарлилик гуруҳи ҳамда уларда аланганинг тарқалиши каби ёнғин-техник характеристикалари ГОСТ 12.1.044-89 «Керамик труба» қурилмасида ёнувчанлик, ГОСТ 12.1.044-89 «Модда ва материалларнинг тутун ҳосил қилиш коэффициентини аниқлаш» қурилмасида тутун ҳосил қилиш коэффициенти ҳамда ГОСТ 12176-89 «Модда ва материалларда аланганинг тарқалиш тезлигини аниқлаш» қурилмаларида тажриба синовлари ўтказилмоқда.

Илмий марказ ходимларининг ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ходимлари ва бошқа илмий ҳамда ишлаб-чиқариш ташкилотлари билан ҳамкорликда яратган ишламалари ватанимизда ва чет мамлакатларда эътироф этилган. Россия, Украина, Белоруссия, Козоғистон, Франция, Англия, Германия, Италия, Австралия ва бошқа ривожланган мамлакатлардан ихтиро патентлари олинган.

Шунингдек, ёнғин–техник анжомларнинг янги турларини ишлаб чиқиш бўйича «YONG’IN–TEX» МЧЖ билан ҳамкорлик қилинмоқда. Жумладан: иссиқликдан ҳимоя экран («Согда»)ларнинг турли хил модификациялари, дистанцион бошқариш йўли билан резервуарларни кўпик билан ўчириш қурилмалари, елпинма пуркагичлар, сув сарфи 20л/с га тенг бўлган лафет дастаклари шулар жумласидандир.

Илмий марказ ходимларининг тадқиқотлари натижалари бўйича «Тизимлар хавфсизлиги» (Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Давлат Ёнғин хавфсизлиги хизмати академияси,), «Ёнғин хавфсизлиги» (Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги Илмий-текшириш институти), «Ёнғин хавфсизлигининг долзарб муаммолари» (Тошкент, Ўз.Р. ИИВ ЁХИ) мавзуларидаги халқаро ва республика миқёсидаги конференцияларда маърузалар қилинган.

 

Давлат мукофотлари

Институт профессор-ўкитувчилари ва илмий ходимларининг мамлакатимиз ёнғин хавфсизлиги тизими учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш борасидаги мехнатлари давлатимиз рахбарияти томонидан муносб рағбатлантириб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 19 июндаги 4005-сонли фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги институтиташкил этилганлигининг 15 йиллиги муносабати билан алоҳида ўрнак кўрсатган 7 нафар профессор-ўқитувчилари Давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Улар, ЁХИ кафедра бошлиғи полковник Сиражитдинов Али Бурханович Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган «Ёшлар мураббийси» унвони билан, ИИВ ЁХИ илмий текшириш маркази бошлиғи полковник Усманов Миржалил Хамитович Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган «ихтирочи ва рационализатор» унвони билан, ИИВ ЁХИ профессори полковник Мавлянкариев Бахтиёр Абдугафурович «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, ИИВ ЁХИ кафедра бошлиғи подполковник Вахабов Бахтиёржан «Меҳнат шуҳрати» ордени билан, ИИВ ЁХИ катта ўқитувчиси подполковник Ануфриев Сергей Иванович «Дўстлик» ордени билан, ИИВ ЁХИ илмий текшириш маркази бошлиғи ўринбосари подполковник Атабаев Шаназар «Содиқ хизматлари учун» медали билан, ИИВ ЁХИ кафедра бошлиғи полковник Мансурходжаев Нигматилла Ахмоджонович «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирландилар.

Бундан ташқари 2011 йилда ИИВ ЁХИ кафедра бошлиғи подполковник Х.С.Собиров «Мехнат шухрати» ордени билан, 2012 йилда ИИВ ЁХИ кафедра бошлиғи ўринбосари подполковник А.А.Ахмедов «Мехнат шухрати» ордени билан, 2013 йилда ИИВ ЁХИ кафедра бошлиғи ўринбосари подполковник Д.Ф.Хошимова «Шухрат» медали билан мукофотланганлар.

Спорт ишлари

Институтда курсантлар ва ходимларнинг спорт билан шуғилланишлари, жисмоний чиниқишлари учун барча шароитлар яратилган. 4 қаватли ўкув ўт ўчитиш минораси, футбол майдони югириш йўлаклари билан, барча турдаги спорт тринажёрлари билан жихозланган қишки спорт зал ва бошқалардан Институт шахсий таркибтўлақонли фойдаланмоқда.

Институтда 9 та спорт секцияси фаолият кўрсатади. Улар «Ёнғин ўчириш амалий спорти», «Енгил атлетика», «Қўл жанги», «Волейбол», «Футбол», «Самбо», «Шамат», «Кўпкураш» ва «Жанговор қуролдан ўқ узиш» секцияларидир.

Институтда етишиб чиққан спортчилар Республика ва Халқаро миқёсдаги мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келишмоқда.

Сўнгги йиллар давомида Институт терма жамоаси ва айрим спортчилари жами бўлиб 140 дан ортиқ турли хил мусобақаларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритганлар.

Институтни тугатган А.Багдасаров дзюдо бўйича Осиё ўйинлари чемпиони, С.А.Петрянин ва В.Д.Перетейколар ҳам Тунисда ўтказилган дзюдо бўйича Жаҳон биринчилиги иштирокчилари, кўпгина битирувчилар эса Япония, АҚШ, Германия, Россия, Тунис, Қозоғистон, Озарбайжонда ўтказилган мусобақалар совриндорлари, Атлантада ўтказилган олимпиада ўйинлари қатнашчилари бўлганлар.

Институт собиқ ходими «Шуҳрат» медали соҳиби А.Т.Тангриев Сидней ва Афинада ўтказилган Олимпия ўйинлари қатнашчиси, Россия ва Туркияда ўтказилган дзюдо бўйича Халқаро турнирлар ғолиби, 5 марта кураш бўйича Президент кубоги совриндори ва шу тур бўйича Ўзбекистон Республикасининг мутлақ чемпиони бўлган. 2004 йилда кураш ва дзюдо бўйича жаҳоннинг энг кучли спортчиси деб топилган. 2007 йилнинг май ойида Қувайт давлатида дзюдо бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида ғолибликка эришиб, 2008 йилги Пекин олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритган ҳамда Олимпиаданинг кумуш медали совриндори бўлган.

Институт ходимларидан М.Н.Худойқулов 3 марта қўл жанги бўйича Республика чемпиони бўлса, Институт собиқ курсантлари Ж.Каримов, Н.Холмирзаевлар Республика чемпионлари бўлганлар. Институт спортчилари ички ишлар Вазирлиги жамоалари ўртасида ва шаҳар миқёсида ўтказиладиган кураш, қўл жанги, самбо, югуриш ва амалий-ўт ўчириш спорти бўйича ҳар йилги ўтказилаётган мусобақаларда доимий равишда қатнашиб ғолиблар сафидан ўрин олиб келмоқдалар.

 

Амалиётлар

Назарий билимлар ўқув амалиёти билан қўшиб олиб борилади. Институтда ўқув, ишлаб чиқариш ва дипломолди амалиётлари ўтказиш ташкил қилинган. Амалиётлар, «Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавсизлиги шахсий таркибининг бошланғич ва касб тайёргарлиги Дастури», «Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ёнғин хавфсизлиги олий техник Институтининг Ўқув ёнғин ўчириш қисми тўғрисидаги» ва “Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХИ курсантларининг амалиётларини ташкил қилиш тартиби тўғрисидаги» Низомлари асосида ишлаб чиқилган Амалиёт дастурига мувофиқ, мантиқий кетма-кетликда ташкил қилинади.

Институтнинг Саф қисми, яъни ўқув курслари билан биргаликда ҳар бир босқичда “Ўқув ёнғин ўчириш қисми”га жанговар ҳисобга тушиш жадваллари тузилган. Ушбу жадваллар асосида Институтнинг “Ўқув ёнғин ўчириш қисми”да 1-5 курс курсантлари турли лавозимларда амалиёт ўташлари ташкил қилинган. Амалиёт даврида курсантларни ёнғин хавфсизлиги хизмати тўғрисидаги бошланғич маълумотлар билан, жумладан: ёнғин хавфсизлиги хизматининг тарихи ва унинг республика иқтисодиёти ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдаги ўрни ва роли, ёнғин ва у билан боғлиқ фавқулодда ҳолатлар тушунчалари, уларнинг хавфли омиллари ва оқибатлари, ёнғинга қарши кураш чоралари, ёнғин ўчириш техникалари ва уларнинг турлари, ёниш жараёнини тўхтатишнинг асослари, ёнғин ўчириш воситалари ва уларнинг ёниш жараёнига таъсири, ёнғинга қарши сув таъминоти (гидрант, сув ҳовузлари ва бинолар ичидаги ички ёнғин ўчириш жўмраклари), ёнғинга қарши автоматика тизимларининг вазифаси, ёнғин хавфсизлиги хизматида алоқа воситалари, ёнғин хавфсизлиги бўлинмаларининг жанговар ҳаракатлари, газ ва тутундан ҳимоя хизматини ташкил этиш тўғрисидаги асосий тушунчалар билан таништириш ишлари олиб борилмоқда.

Курсантлар томонидан эгалланган назарий билимларни чуқурлаштириш ва мустаҳкамлаш, уларда ёнғин билан боғлиқ реал ва кескин вазиятларда руҳий ва жисмоний томондан тўғри ҳаракат қилиш ва қатъий қарорлар қабул қилиш жиҳатларини ривожлантириш, келгусида тайинланадиган лавозимлар бўйича касбий маҳорат ҳамда амалий иш кўникмаларни шакллантириш бўйича қисм ходимлари томонидан навбатчиликка тушган шахсий таркиб билан хар куни назарий ва амалий машғулотлар ташкил этилган.

Курсантларнинг 1-курсдаги «Ёнғин ўчирувчи» лавозимидаги Ўқув амалиёти, 2, 3, 4, — курслардаги Ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётларнинг 1-босқичи ҳамда 5-курсдаги «Ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми бошлиғи» лавозимидаги амалиётлари Институт Ўкув ёнғин ўчириш қисмида, Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси гарнизони таркибидаги тизимларда навбатчилик шаклида ташкил қилинган.