ЁХОТМ вазифалари

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги
Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабининг асосий вазифалари

 

Қуйидагилар Mактабнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

— ички ишлар идоралари учун ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ёнғинларнинг олдини олиш ва бартараф етиш, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш, моддий бойликларни асраш, қўриқлаш борасидаги ва бошқа тадбирларни мустақил равишда ўтказа оладиган юксак малакали мутахассис-офицер ва сержантларни тайёрлаш;

— тахсил олаётганларни юксак даражадаги ватанпарварлик, Ватанга ва Mустақиллик ғояларига садоқатлик руҳида тарбиялаш, уларда раҳбарлик (етакчилик) хислатларини, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мамлакатда жамоат ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини бажарувчи жамоани бошқариш, унда соғлом муҳит яратиш кўникмалари ва маҳоратини ҳосил қилиш;

— Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги идораларидаги офицерлар таркибининг узлуксиз таълим тизимида самарали малакасини оширишини ва қайта тайёрлашни таъминлаш;

— илмий-педагогик кадрларнинг касб маҳорати ва илмий-методик салоҳиятини ошириш;

— ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, унинг олдини олиш, моддий бойликларни асраш ва қўриқлашнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга қаратилган самарали илмий-тадқиқот ишларини ташкил қилиш;

— мамлакатдаги ижтимоий хавфсизликка таҳдидларни чуқур таҳлил қилиш асосида ўқув, махсус ва методик адабиётларни сифатли тайёрлаш;

— ички ишлар идоралари шахсий таркиби, фуқаролар ва аҳолининг ижтимоий тузилмалари ўртасида ёнғин хавфсизлиги ва моддий бойликларни асраш борасидаги илмий-оммабоп билимларни тарғиб этиш;

— ўқув жараёнига илғор информацион ва педагогик технологияларни, ички ишлар идоралари ходимларини тайёрлашда илғор тажрибаларни жорий етиш, Mактабнинг моддий-техник базасини замонавий талаблар ва стандартларга мувофиқ мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш.

 

Ўқув жараёнини ташкил этиш

Бугунги кунда мактаб жамоаси ўқув жараёнини такомиллаштириш ва тайёрланаётган мутахассисларнинг ҳар томонлама баркамоллигига эришиш, шу билан бир қаторда Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги қонуни ҳамда «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» талабларини тўлиқ бажариш йўлида муайян ишларни амалга оширмоқдалар.

Профессор-ўқитувчилар ва бошлиқлар таркиби доимо ички ишлар органлари учун замон талабларига жавоб бера оладиган, касбига садоқатли, Ватан олдидаги бурчини шараф билан бажаришга қодир, хизмат ва мутахассислик йўналишларида юклатилган вазифаларни юқори даражада амалга оширишга лаёқатли кадрларни тайёрлашга интилмоқда.

Мактаб кафедралари ва таркибий бўлинмалари ходимларининг куч-ғайрати ўқув-тарбия жараёнининг Давлат таълим стандартлари талабларига мос келувчи юқори даражадаги самарадорлигини таъминлашга йўналтирилган.

Ўқув-тарбия жараёнини методик таъминлаш самарадорлигини ошириш ва ривожлантиришда муҳим эътибор курсант ва тингловчиларнинг таълим олишларини фаоллаштириш, таълимда илғор педагогик тажриба, ўқитишнинг замонавий услублари, ахборот ва телекоммуникация технологияларидан фойдаланишга асосланган ўқитишнинг замонавий усулларини жорий этишга қаратилади.

Мактабда ўқув жараёни ИИВнинг тегишли буйруғи билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси ИИВ олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини ташкил этиш тўғрисида Йўриқнома» асосида ташкиллаштирилади. Ушбу Йўриқномага мувофиқ мактабда мутахассис кадрлар тайёрлашнинг мазмунини белгилаб берувчи қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилган: Асосий тадбирлар режаси, Илмий кенгаш иш режаси, Фанларни ўқитишнинг ҳафталик жадваллари, Ўқув машғулотлари жадвали, Кафедра, бўлимлар ва бошқа тузилмавий бўлинмаларнинг иш режалари, Мактаб асосий тадбирларининг календарь режаси.

Ўқув жараёнида асосий қайд қилиш ҳужжатлари юритилади, улар — Ўқув гуруҳи курсантларининг ўзлаштириши ва давоматини қайд этиш журнали, Ўқув фанлари бўйича рейтинг қайдномаси, Тингловчи ва курсантнинг рейтинг дафтарчаси, Бутун таълим давомида тингловчи ва курсантлар томонидан ўқув режасининг бажарилиши натижалари ҳақида умумлаштирувчи қайднома варақаси, Кафедра ўқув юкламаси бажарилишини қайд қилиш журнали, Маслаҳат дарсларини (консультацияларни) қайд қилиш журнали, Ўзаро ўқув машғулотларига қатнашишини қайд қилиш журнали, Машғулотларини педагогик назорат қилиш журнали, Мактабда ўқишни тамомлаганларни ва дипломлар топширилганлигини қайд этиш журнали, Давлат аттестацияси комиссиясининг баёни, Давлат аттестацияси комиссиясининг ҳисоботи.

Мактабда ўқув ишлари профессор-ўқитувчилар таркиби раҳбарлигидаги ўқув машғулотлари шаклида ташкил қилинади ҳамда тингловчи ва курсантларнинг мустақил ишидан иборатдир. Ўқув машғулотларининг асосий турлари қуйидагилар ҳисобланади: маъруза, мунозара машғулотлари, амалий машғулотлар, мустақил таълим, лаборатория машғулотлари, назорат иши, курс иши, мустақил иш, диплом иши, маслаҳат (консультация), ўйинлар, гуруҳ машғулотлари, амалиёт (ўқув, малакавий/ишлаб чиқариш/ амалиёти, тажриба орттириш, диплом олди амалиёти).

Мактабда Ўқув ишларини режалаштириш Давлат таълим стандартлари, ўқув режалари тўла бажарилиши, фан дастурларини сифатли ўзлаштирилиши мақсадида қуйидагилар асосида амалга оширилади: ўқув жараёни жадвали, мавзувий режалар, ўқитишнинг мантиқий тартиб-тузулмаси (МТТ), ўқитувчиларни маъруза потоклари ва ўқув гуруҳлари бўйича тақсимлаш, профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув юкламасини ҳисоби ва унинг бажарилиши ҳақидаги ҳисобот, ўқитувчиларнинг шахсий иш режалари, кун тартиби.

Кўрсатиб ўтилган дастлабки маълумотлар фанларни ҳафталар бўйича ўтиш жадвалини ишлаб чиқишда қўлланилади. Фанларни ҳафталар бўйича ўтиш жадвали асосида ўқув машғулотлари жадвали тузилади.

 

Мутахассис  кадрлар  тайёрлаш

Мактабда 1999 йилгача ўқиш муддати 4 йил 8 ой бўлган 28.24.00 -“Ёнғин хавфсизлиги” мутахассислиги бўйича олий маълумотли муҳандислар ва ўқиш муддати 2 йил 8 ой бўлган 17.18. — «Ёнғиндан ҳимоялаш техниги» ва 23.02.01- «Автоматлаштирилган қўриқлаш–ёнғин алоқа ва сигнализациялари тизимлари эксплуатацияси» мутахассисликлари бўйича ўрта-махсус маълумотли кадрлар тайёрланган.

Жумладан, мактаб 1999-2004 йиллар мобайнида бакалавриатнинг 5860100 – «Ҳаётий фаолият хавфсизлиги» йўналиши бўйича Олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Республикада Таянч Олий ўқув юрти этиб тайинланган. Таянч олий ўқув юртига қўйиладиган талаблардан келиб чиққан ҳолда мактаб ходимлари томонидан бакалавриатнинг 5860100 – “Ҳаётий фаолият хавфсизлиги” йўналиши ҳамда магистратуранинг 5860102 – “Ёнғин хавфсизлиги” мутахассислиги бўйича Давлат таълим стандартлари, намунавий ўқув режалари ва улар асосида фан ўқув дастурлари ишлаб чиқилди. “Ҳаётий фаолият хавфсизлиги” йўналишининг Давлат таълим стандарти, намунавий ўқув режаси ва ўқув дастури асосида 2000-2005 йилларда Республиканинг яна 4 та олий таълим муассасаси (Тошкент Давлат техника университети, Тошкент Давлат ирригация ва мелиорация институти, Тошкент Давлат авиация инстиути ва Самарқанд архитектура-қурилиш институтлари)да кадрлар тайёрланди.

2005 йилдан бошлаб мактабда ўкиш муддати 5 йил бўлган “Ёнғин хавфсизлиги” мутахассислиги Давлат таълим стандарти бўйича кадрлар тайёрланмоқда.

Мактаб ташкил этилган кундан бошлаб (1978-2015 йилларда) мактабда жами 7203 нафар мутахассис кадрлар тайёрланган бўлиб, шундан 4394 нафари олий маълумотли ёнғин хавфсизлиги муҳандислари, 2483 нафари ўрта-махсус маълумотли ёнғин хавфсизлиги техниклари, 276 нафари “Қўриқлаш” хизмати учун мутахассислар (шундан 95 нафари олий, 181 ўрта-махсус маълумотга эга), 50 нафари «Информатика ва информацион технологиялар» йўналиши бўйича олий маълумотли мутахассислардан иборатдир. Жумладан, 2003-2005 йилларда «Ёнғин хавфсизлиги» мутахассислиги бўйича 55 нафар магистр мактабни тамомлаган.

Шунингдек, 2005 йилдан бошлаб мактабда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларининг «Ёнғин хавфсизлиги хизмати» йўналиши бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Мазкур йўналиш бўйича 1411 нафар мутахассис тайёрланди.

 

«Ёнғин хавфсизлиги» мутахассислигининг Давлат таълим стандарти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йилдаги «Олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори талаблари ижросини таъминлаш мақсадида мактабда 2012 йил якунида “Ёнғин хавфсизлиги” мутахассислигининг /ўкиш муддати 5 йил бўлган/ янги Давлат таълим стандарти ва ўқув режаси ишлаб чиқилди (ўкув режа Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий ва ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими йўналишлари бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашида 2012 йилнинг декабрь ойида муҳокама қилиниб мақулланган). Мазкур «Ёнғин хавфсизлиги» мутахассислигининг Давлат таълим стандарти Ўзбекистон Республикаси «Узстандарт» — стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг 2013 йил январ ойидаги қарори билан тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2013 йил февраль ойида “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабининг “Ёнғин хавфсизлиги” мутахассислиги бўйича Давлат таълим стандарти ва ўқув режасини ўқув жараёнига тадбиқ этиш ҳақида”ги буйруғи билан амалга киритилган.

 

Ўқув дастурлари

Давлат таълим стандарти ва ўкув режаси асосида «Ёнғин хавфсизлиги» мутахассислиги ўқув режаларидаги «Математик ва табиий илмий фанлар», «Умумкасбий фанлар», «Ихтисослик фанлари» ва «Қўшимча фанлар» блокларининг жами 45 та фанларидан намунавий ўқув дастурлари ишлаб чиқилган. Амалий идораларнинг мутахассислари, етук олимлардан уларга тақризлар олинган ва Мактаб услубий ҳамда Илмий кенгашларида муҳокама ўтказилган.

Ўқув режага киритилган 23 та фандан намунавий ўқув дастурлари Ўзбекистон Республикаси ОваЎМТВнинг Олий ва ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими йўналишлари бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашида 2013 йилнинг апрель ойида муҳокама қилиниб мақулланган ва Ўзбекистон Республикаси ОваЎМТВнинг 2013 йил апрель ойидаги «Ўқув адабиётларини чоп этишга рухсат бериш ҳамда фан дастурларини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи билан амалга киритилган. Ишчи ўқув режаларга киритилган 22 та танлов фанларидан ишлаб чиқилган намунавий ўқув дастурлари эса Мактаб Илмий кенгашининг 2013 йил май ойидаги қарори билан амалга киритилган. Ўкув режадаги 13 та гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлардан Ўзбекистон Республикаси ОваЎМТВнинг 2011 йилдаги 392-сонли буйруғи билан тасдиқланган намунавий дастурлар асосида ишчи ўкув дастурлари ишлаб чиқилган.

 

Ўкув  жараёни  самарадорлигини  ошириш

Мактаб профессор-ўқитувчиларини Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги «Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказлари»да малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларига юборишга алохида эътибор қаратилади. Жумладан, 2011-2013 йилларда ЁХОТМ профессор-ўқитувчиларининг 53 нафари малака ошириш ва қайта таёрлаш курсларида ўқидилар. 2013-2014 ўкув йилида Ўзбекистон Республикаси ОваЎМТВ буйруғи билан мактабнинг 15 нафар ходими малака ошириш, 7–нафари қайта тайёрлаш курсларига ўкишга юборилдилар.

Ўз.Р ИИВ ЁХОТМ ва Ўз.Р ИИВ ЁХББнинг қўшма фармойиши асосида Мактаб профессор-ўқитувчилари ёнғин хавфсизлиги тизимининг амалий идораларида (ЁХББнинг тегишли бўлим ва хизматларида) мутахассисликлари бўйича стажировка ўташлари ташкил қилинган.

Ёнғин хавфсизлиги хизматининг юқори малака ва бой тажрибага эга ходимлари томонидан Мактабда курсантларга белгиланган режа асосида амалий машғулотлар ўтишлари ташкил қилинади. Жумладан 2014 йилда Ўз.Р ИИВ ЁХББ, Тошкент шахар ИИББ ЁХБ ва Тошкент вилояти ИИБ ЁХБнинг 22 нафар юқори малакали ходимлари Мактабда белгиланган мавзулар бўйича машғулотлар ўтказдилар. 2015 йилда 7 нафар мактаб ходимларининг стажировка ўташи ҳамда 27 нафар амалий идоралар раҳбар ва тажрибали ходимларининг курсантлар билан машғулотлар ўтказиши режалаштирилган.

Ўқув йили мобайнида Ёнғин хавфсизлиги хизмати рахбар ходимларининг Мактаб курсантлари билан учрашувлари ташкил қилинади. Ўтган 2013 йилда ЎзР ИИВ ЁХОТМ ва ЎзР ИИВ ЁХББнинг қўшма режаси асосида 10 нафар вилоятлар Ёнғин хавфсизлиги бошқармалари рахбарлари билан шундай учрашувлари ўтказилди. 2014 йилда хам 8 та шундай учрашувлар ўтказилди.

Мактабни тамомлаб, ички ишлар идораларида хизмат қилаётган ёш мутахассис ходимлар фаолияти мониторингини ўтказиш мақсадида Мактаб ходимлари барча вилоятларга хизмат сафарига юбориладилар ва амалий идоралардан Мактабда ўкув-тарбия жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифлар олиниб, зарур чора-тадбирлар амалга оширилади.

Мактабга ўқишга кирадиган абитуриентларнинг муносибларини танлаш орқали мутахассис кадрлар тайёрлаш сифатини янада ошириш мақсадида, мактабнинг тажрибали профессор-ўқитувчилари режа асосида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятларга хизмат сафарига юбориладилар ва Республикамизнинг касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларининг талабалари билан учрашувлар ўтказиб, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борадилар. 2013 йилнинг 4-14 март кунлари Мактабнинг тажрибали профессор-ўқитувчилари томонидан Республикамизнинг 140та касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларининг жами 22169 нафар талабалари билан учрашувлар ўтказилди. Учрашув қатнашчилари Мактабда тайёрланадиган мутахассислар фаолияти, ўкув-тарбия жараёнини самарали ташкил қилиш учун яратилган шароитлар, ИИВ таълим муассасаларининг ўзига хос афзалликлари билан яқиндан таништирилди.

Мактаб битирувчилари томонидан бажарилаётган диплом ишларининг сифати ва амалий моҳиятини ошириш мақсадида, хар йили амалий идоралардан долзарб мавзулар бўйича таклифлар олинади ва ўкув йили бошида буйруқ билан курсантларга диплом иши мавзулари, раҳбарлари ва маслаҳатчилари бириктирилади. Диплом ишларини бажариш бўйича алоҳида қўлланма ишлаб чиқилиб, унда курсантлар, уларнинг раҳбарлари ва маслаҳатчилари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, уларнинг аниқ бажарилиш муддатлари билан белгилаб берилади.