Нашрлар

Мактаб ИИВ тизимидаги ёнғин хавфсизлиги хизмати учун олий маълумотли, юқори малакали мутахассислар етиштириш бўйича республикада ягона таълим муассасаси эканлиги ва шу сабабли мутахассислик фанларини юқори савиядаги замонавий ўқув адабиётлари ва дарсликлар билан етарли миқдорда таъминлаш масаласи доимо долзарб ҳисобланади. Шуларни инобатга олиб мактаб раҳбарияти томонидан ёнғин хавфсизлиги йўналишида замонавий дарсликлар яратиш  ва чоп этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Бугунги кунгача 2 та шундай дарслик тайёрланиб, Ўзбекистон Республикаси ОваЎМТВнинг Мувофиқлаштириш кенгаши тавсиясига биноан нашр этилди ва курсантлар томонидан кенг фойдаланилмоқда. Булар:

  1. 2010 йилда нашр этилган полковник Д.Х.Исраилов ва подполковник И.И.Сиддиқовлар муаллифлигидаги «Бино, иншоотлар ва уларнинг ёнғинга бардошлиги» номли дарслик. Мазкур дарслик 2010 йилда Республика миқёсидаги ўтказилган «Йилнинг энг яхши дарслиги» танловида ўз йўналишида ғолиб деб топилди;
  2. 2013 йилда нашр этилган полковник Н.А.Мансурходжаев ва подполковник У.А.Ёқубовлар муаллифлигидаги «Ishlab chiqarish texnologik jarayonlarining yong‘in xavfsizligi» дарслиги.

Мазкур йўналишдаги ишларни жадаллаштириш ва тизимли ташкил қилиш мақсадида мактабнинг фармойиши ишлаб чиқилиб, унга асосан ихтисослик фанларидан бугунги кунда энг долзарб бўлган 10 та дарсликни яратиш режалаштирилган бўлиб, ишчи гуруҳи ва муаллифлар таркиби тасдиқланган.

Ҳозирги вақтда янгиланишига зарурат туғилган ўқув-услубий адабиётлар замонавий талаблар асосида режали тарзда кафедралар томонидан қайта ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, 2011-2014 йиллар мобайнида 116 та ўкув-услубий адабиёт чоп этилган бўлиб, улардан 1 таси дарслик, 3 таси монография, 29 таси маъруза матнлари тўплами, 46 таси ўқув-услубий қўлланмалар, 27 таси ўқув-услубий кўрсатмалар, 1 таси масалалар тўплами, 3 таси конференция материаллари тўплами, 1 таси хужжатлар намунаси, 4 таси методик материаллардан иборатдир.