Тезкор-тактик фанлар кафедраси

 IMG_0055

Тезкор-тактик фанлар кафедраси бошлиғи подполковник Собиров Эркабой Эркинбоевич. 2001 йилда бакалавр 2004 йилда мактабнинг магистратура босқичини тугатган. 2014 йилдан кафедрада раҳбарлик қилиб келмоқда. Э.Э.Собиров томонидан 60 дан ортиқ илмий, илмий-оммабоп мақолалар, ўқув ва услубий қўлланмалар тайёрланган.

Кафедрада курсантларнинг илмий тўгаракларини ва илмий-тадқиқот ишларини ташкиллаштиради ва раҳбарлик қилади. Тошкент гарнизонида ўтказиладиган «Ёнғин ўчириш машқлари» ва катта ёнғинларни ўчиришда мунтазам равишда қатнашади. 2013 йил май ойида Қашқадарё вилояти, Миришкор тумани, Ғ.Ғулом номли фермерлар уюшмаси «Вори» қишлоғи яқинидаги Косон нефт-газ қидирув-бурғулаш экспедициясига қарашли «Чўлқувар» 10-сонли қудуғида содир бўлган газ фавворасини бартараф этиш ишларида қатнашди. Курсантлари билан доимий равишда тарбиявий ишларни олиб боради.

Кафедранинг хизмат фаолияти йўналиши

Тезкор тактик фанлари кафедраси Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХИнинг ихтисослаштирилган махсус кафедраларидан бири ҳисобланиб, унинг асосий вазифаси ёнғин хавфсизлиги хизмати тизимига юқори малакали мутахассисларини тайёрлаш мобайнида ёнғинларни олдини олиш, ёнғинларни ўчириш тактикаси, ёнғинга қарши сув таъминоти, фуқаролар муҳофазасини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар, ёнғин содир бўлганда биринчи тиббий ёрдам, хизмат ва унга тайёргарликни ташкил этиш, ёнғин пайтида алоқа воситаларини ўрнатиш, ёнғин содир бўлганда вазиятни тўғри баҳолай оладиган етук мутахассис кадрларни тайёрлашдан иборатдир. Бундан ташқари ўқув–услубий, тарбиявий ва илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш ҳам кафедранинг устивор вазифаси ҳисобланади.

Сўнгги йиллар давомида кафедрада курсантлар томонидан бажарилаётган диплом ишларида асосий эътибор ёнғин ўчиришнинг янги самарали усулларини ишлаб чиқиш, янги қурилаётган бино ва иншоотларда ёнғин содир бўлишини олдини олиш бўйича янги таклифлар, масканларда ёнғин ўчиришни ташкиллаштириш, масканларга таклиф сифатида буғли ёнғин ўчириш қурилмасининг ҳисоби, буғ билан ўчириш ускунасининг гидравлик ҳисоби каби ёнғин хавфсизлигининг замонавий ва инновацион услублар билан таъминлашга қаратилмоқда. Бажарилаётган диплом ишлари Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ва амалиёт бошқармалари мутахассислари томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.

 Кафедранинг мақсади

         Кафедранинг бош мақсади «Ёнғин хавфсизлиги» мутахассислиги бўйича янгича фикрлайдиган, давлат манфаатини ўз манфаатидан устун қўядиган, Республикамизда ва хорижда ишлаб чиқарилаётган янги ёнғин ўчириш автомобиллари ёрдамида ёнғин ўчиришнинг янги усулларини биладиган ҳамда уни амалда қўллай оладиган кадрларни тайёрлашдан иборат. Шу билан бирга курсантларни турли экстремал вазиятларда ёнғинни ўчиришларида тўғри қарор қабул қилиб, қўл остидаги шахсий таркибга раҳбарлик қилишга ўргатиш ҳамда содир бўлиши мумкин бўлган катта, мураккаб ва узоқ давом этувчи ёнғинларни ўчиришни ташкиллаштиришни ўргатиш, ёнғин хавфсизлиги хизматининг бирламчи авария-қутқарув ишларини олиб боришлари бўйича касбий кўникмаларни ҳосил қилиш, ёнғин хавф солувчи жабҳаларда ёнғин ўчириш ва ҳимоя қилиш учун керак бўладиган куч ва воситаларни ҳисоблаш услубини, ёнғин хавфсизлиги қисмларидаги бўлинмаларнинг тактик имкониятлари, улардан ёнғинда самарали фойдаланиш усулларини, Республика иқтисодиётини юксалишида Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ёнғин ўчириш хизматининг ролини, бугунги кунда ёнғин ўчириш соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларининг асосий йўналишлари билан таништириб, курсантларни илмий-тадқиқот ишларига жалб қилишдан иборат.

 Фанларнинг бириктирилиши

 Кафедрага 6 та қуйида келтирилган фанлар бириктирилган:

  • «Ёнғин ўчириш тактикаси».
  • «Ёнғинга қарши сув таъминоти».
  • «Фуқаролар муҳофазасининг ёнғин хавфсизлиги хизмати» .
  • «Биринчи тиббий ёрдам».
  • «Хизмат ва унга тайёргарликни ташкил этиш».
  • «Ёнғин хавфсизлиги хизматида алоқа».

- «Ёнғин ўчириш тактикаси» фанининг асосий мақсади — курсантларни турли хил вазиятларда ёнғин ўчиришда ишни тўғри ташкил этиш ва ёнғин ўчириш ишларида раҳбарлик қилишга ўргатиш. Қолаверса, содир бўлиши мумкин бўлган катта ва мураккаб ёнғинларни ўчиришни ташкиллаштириш ва ёнғин хавфсизлиги хизматининг бирламчи авария-қутқарув ишларини олиб боришлари бўйича касбий кўникмаларни ҳосил қилиш. Фанининг асосий вазифаси – курсантларни ёнғинни ўчиришда навбатчи смена хизмати ишини ташкил этиш ва ёнғин ўчириш бўйича ҳужжат, Низом, кўрсатма, йўриқномадаги талабларни, ёнғин хавф солувчи жабҳаларда ёнғин ўчириш ва ҳимоя қилиш учун куч ва воситаларни ҳисоблаш услубини, ёнғин ўчириш қисмларидаги бўлинмаларнинг тактик имкониятлари, улардан ёнғинда фойдаланиш усулларини, ёнғин ўчириш тезкор режалари ва варақаларни тузиш тартиби ва ва сменанинг ёнғиндаги ҳаракатини тахлил ва ажрим қилишни, Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматида меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини, смена таркибида ёнғинда куч ва воситаларни бошқаришни ташкил қилишни, смена шахсий таркиби билан ўқув машғулотларини ташкил этиш ва ўтказишни, Республика ёнғин хавфсизлиги хизмати тузилишида ёнғин ўчириш хизматининг ўрни ва роли ҳамда ёнғин хавфсизлиги хизматининг муаммолари, ёнғин ўчириш соҳасидаги илмий-текшириш ишларининг асосий йўналишлари билан таништириш ва илмий-тадқиқот ишларига тадбиқ қилиш усулларини ўргатишдан иборат.

- «Фуқаро муҳофазасининг ёнғин хавфсизлиги хизмати» фанини ўрганишдан асосий мақсад – курсантларга назарий билим бериш ва шу билим асосида уларни фуқаролар муҳофазасининг ёнғин хавфсизлиги хизматининг вазифаларига, талафот ўчоғидаги ёнғинларнинг турларига, радиацион ва муҳандислик вазиятни тахминлашга, бундан ташқари, тоифаланган шаҳар, вилоят ҳамда халқ хўжалик масканларида ёнғин вазиятини тахминлаш турларини, фуқаролар муҳофазасининг кучларини киритиш йўналишларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун керакли бўлган куч ва воситаларини ҳисоблашга ўргатиш, мустақил ҳисоблаш ишларини бажаришда амалий кўникмалар ҳосил қилишдан, шунингдек, мавжуд сунъий ва табиий сув таъминоти тизимларини текширишга ўргатишдан иборат.

- «Ёнғин хавфсизлиги хизматида алоқа» фанини ўрганишдан асосий мақсад курсантларга назарий билим бериш ва бу билим асосида улар келажакда ўз мутахассислиги бўйича ишлаганда алоқа тизимларини яхши билиб олишлари, ёнғинларда тез ва аниқ харакат килишлари учун алоқа воситаларидан тўғри фойдаланиш бўйича амалий кўникмалар хосил қилишдан иборатдир.

- «Ёнғинга қарши сув таъминоти» фанини ўрганишдан асосий мақсад талабаларга назарий билим бериш ва бу билим асосида уларни сув таъминоти тизимларини, ёнғинга қарши сув узатиш тизимларини лойиҳалаш ва ҳисоблашга ўргатиш, мустақил ҳисоблаш ишларини бажаришда амалий кўникмалар ҳосил қилишдан иборат. Шунингдек мавжуд сув таъминоти тизимларини текширишга ва ёнғинга қарши сув таъминоти тизимлари лойиҳаларини экспертизадан ўтказишга ўргатишдан иборат.

 Кафедранинг бошқа муассасалар билан йўлга қўйилган ҳамкорлиги

 Кафедра томонидан амалий идоралар ва бошқа ОТМлар билан алоқаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Бугунги кунга келиб Тезкор тактик фанлари кафедраси томонидан қуйидаги Амалий идоралар ва бошқа ОТМлари, жумладан, ЎзР ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси Ҳарбий сафарбарлик ва фуқаролар муҳофазаси бўлими, Жанговор тайёргарликни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўлими; Ёнғин ўчиришни ташкил этиш бўлими, ФВВ Фуқаро муҳофазаси институти билан хамкорлик алоқалари ўрнатилган.

Республикамизда мавжуд бўлган ишлаб чиқариш корхоналари билан алоқалар яхши йўлга қўйилган бўлиб, кафедра фанларидан машғулотларни масканларда ўтказиш мақсадида «Ғалла Алтек» ОАЖ корхонаси, «Қорасув пахта тозалаш» заводи, «ALFA GROUP» текстил корхонаси, «БИОКИМЁ» ОАЖ, «Тошкент лок-буёқ заводи» ОАЖ ҚК, «Uzkabel» заводи, «Тошкентдонмаҳсулот» корхонаси, «UZTEXTOSHKENT» МЧЖ ҚК, АЖ ҚК «Мебель» корхонаси, «EAST-COLOR» МЧЖ, ХК «Толип-таянч» корхонаси, «Меридиан-Осиё» МЧЖ, «Кучлик нефт омбори» корхоналари билан ҳамкорлик қилиб келинмоқда.

Бундан ташқари кафедра ходимлари ёнғин хавфсизлигига оид меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқишда фаол қатнашиб келмоқдалар, жумладан, НКМК ДК, «Ўзбекнефтгаз», «Ўзтрансгаз», «Давлат Архитектура ва Қурилиш қўмита»си (Меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва янгилаш) ва бошқа ташкилотлар билан яқин хамкорлик йўлга қўйилган.

Кафедра ташкил қилинганидан шу кунга қадар Кафедра бошлиғи лавозимларида и/х полковниклари 1978-1985 йилларда А.И.Артюхов, 1985-1993 йилларда В.И.Бубнов, полковник 1993-2011 йилларда Р.Э.Қосимов, 2011-2013 йилларда подполковник Х.С.Собировлар хизмат қилганлар. Шу йилларда В.Н.Беляков, В.В.Вистовский, В.П.Семёнов, В.К.Якушин, В.И.Киселёв, В.Ф.Стецюк, В.Ф.Закиров, В.М.Боркин, кейинчалик бу жамоага А.Г.Давтян, П.Э.Сарсенов, В.Н.Рахимов, И.Х.Қодиров, Х.А.Қурбонов, А.А.Шомуродов, И.И.Абобакировлар хизмат қилишган.

Кафедра ходимлари Республикамиз ва Тошкент шаҳрида жойлашган бир қанча корхона ва ташкилотларда содир бўлган катта ва мураккаб ёнғинларни ўчириш ва унинг оқибатларини бартараф этишда фаол қатнашиб келганлар. Жумладан, 1993 йилда Наманган вилояти Мингбулоқ нефт конида, 1996 йилда Кўкдумалоқ газ конденсат конида ёнғин ўчириш ишларида фаол қатнашганлар, 2000 йилда эса Ҳукумат комиссияси таркибида Қашқадарё вилояти ёнғин хавфсизлиги хизматини ўрганиб чиқиш ишларида, шу йилнинг ўзида Андижон вилояти нефть маҳсулотлари корхоналарининг ёнғинга қарши ҳолатини текширишда қатнашганлар. Собиқ кафедра бошлиғи полковник Р.Э.Қосимов 2008 йили Бухоро вилояти Когон туманида жойлашган ҳарбий қисм омборида содир бўлган ёнғинни ўрганиш ва фалокатларнинг оқибатларини бартараф этишда қатнашган.

Кафедра ходимларининг ёш авлодни тарбиялашда кўрсатаётган жонкуярлиги, Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг ёнғин ўчириш йўналиши учун ташаббускор раҳбар кадрларни тайёрлашдаги машаққатли хизматини эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2011 йилнинг 21 октябрдаги Фармонига мувофиқ «Тезкор тактик фанлари» кафедраси собиқ бошлиғи подполковник Холиқ Содиқович Собиров «МЕҲНАТ ШУҲРАТИ» ордени билан тақдирланган.

 Ўтган даврларда кафедрада илмий изланишларга ҳам эътибор қаратиб келинган, ёнаётган резервуарга ёнғин ўчириш моддаларини бериш самарасини ошириш бўйича ишлар олиб борилган. Кафедра ходимлари курсантларнинг турли лавозимларда ёнғин ўчириш гарнизонларида хизмат ва ўқув амалиётини ташкил қилиб, назорат остига олганлар. Кафедра ходимлари курсантларни амалий дарс, ёнғин-тактик машғулотларига ва гарнизон миқёсидаги ёнғинлар ва ўтказиладиган машқларга олиб чиқиб жанговар ҳаракатларни амалда намойиш қилишга эришмоқдалар.

 Кафедранинг шахсий таркиби

Кафедра ўқитувчиси капитан Султонов Сохиб Собирович. Маълумоти олий, ички ишлар идораларида 2005 йилдан хизмат қилиб келмоқда. 2010 йилда ИИВ ЁХОТМни имтиёзли диплом билан тамомлагандан сўнг «Тезкор тактик фанлари» кафедрасида фаолият бошлаган. Ўқитишнинг «Интерфаол» усулларидан фойдаланган ҳолда курсантларга, ИИВ Академиясининг Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курси курсантлари ҳамда Малака ошириш факультети тингловчиларига дарс машғулотларини юқори савияда ўтказмоқда. С.С.Султонов етакчи ходим сифатида илмий назарий бой тажриба эга бўлиб журналларда, илмий тўпламларда ва бошқа турдаги оммавий ахборот воситаларда жами 21 та мақоласи чоп этилган. 1та ўқув қўлланма, 1 та услубий кўрсатма ҳамда 3 та дарсликни тайёрлашда ҳаммуаллифлик қилган.

Кафедра ўқитувчиси катта лейтенант Камолов Лазизжон Аминович. Маълумоти олий, ички ишлар идораларида 2007 йилдан хизмат қилиб келмоқда. 2012 йилда ИИВ ЁХОТМни имтиёзли диплом билан тамомлагандан сунг «Ички ишлар идораларида бошқарувни ташкиллаштириш» кафедрасида фаолият бошлаган. 2014 йилдан бошлаб «Тезкор тактик фанлари» кафедрасида «Фуқаролар муҳофазасининг ёнғин хавфсизлиги хизмати» фанининг амалий машғулот ва Малака ошириш факультетининг тингловчиларига дарс машғулотларини ўтказиб келмоқда. Л.А.Камолов 20 дан ортиқ илмий, илмий-оммабоп мақолалар, ўқув ва услубий қўлланмалар тайёрлашда иштирок этган. Ички ишлар идораларида бошқарувни ташкиллаштириш мавзусида 7 та тезис чоп эттирган.

Кафедра ўқитувчиси лейтенант Бойхурозов Мансур Рустамович. Маълумоти олий, 2014 йилда Тошкент Давлат техника университетининг Авиация факультети магистратура босқичини тамомлаган Ички ишлар идораларида фаолиятини 2015 йилнинг феврал ойидан кафедрада бошлаган. Лейтенант М.Р.Бойхурозов «Ёнғин хавфсизлигини таминлашда, алоқа локация ва навигация воситаларининг қўлланилиши» номли тадқиқот мавзуси бўйича докторлик диссертациясини тайёрлаш устида иш олиб бормоқда. Ушбу тадқиқот мавзуси бўйича шу кунгача ОАК рўйхатига киритилган журналларда 3 та, илмий тўпламларда 2 та, бошқа мавзуларда 1та, Россиянинг Ростов шаҳрида ўтказилган конференцияда 2та жами бўлиб 8 та мақоласи чоп этилган. М.Р.Бойхўрозов кафедрада илмий ва ўқув методик материалларни тайёрлашда фаол иштирок этиб келмоқда. «Ёнғин хавфсизлиги хизматида алоқа» ва «Биринчи тиббий ёрдам» фанларидан амалий машғулот дарсларини олиб бормоқда.

Кафедранинг бош илмий мавзуси

Тезкор тактик фанлари кафедраси Ёнғин хавфсизлиги хизмати учун «Ёнғин хавфсизлиги» мутахассислиги бўйича малакали кадрлар тайёрлашда ўқув, услубий, тарбиявий ва илмий-тадқиқот ишларини амалга оширади. Кафедра ўқув режасига мувофиқ юқорида баён қилинган мутахассислик учун кафедра фанларидан барча турдаги машғулотларнинг олиб борилишини тўлиқ таъминлайди. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда кафедранинг «Саноат, ишлаб чиқариш ва халқ хўжалиги масканларида ёнғин ўчиришнинг янги усулларини ишлаб чиқиш» номланишдаги Бош илмий мавзуси қабул қилинган. Ҳозирги кунда кафедрада мазкур мавзу юзасидан илмий тадқиқот ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

 Кафедра томонидан чоп этилган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар

Кафедранинг иш фаолияти мобайнида Ўбекистон Республикаси ИИВ ЁХББ ходимлари билан биргаликда услубий кўрсатма ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, нашр этилган ва Республика ёнғин хавфсизлиги гарнизонларига, хизматни ташкил қилиш ва ёнғин ўчиришларида фойдаланишлари учун юборилди. Булар:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган шаҳар, қишлоқ, туманларига ёнғин ўчириш хизмати учун маълумотнома — харита тузиш бўйича услубий кўрсатма;

Кучли таъсир этувчи заҳарли моддалар сақланадиган корхоналарда ёнғинларни ўчириш ва авария оқибатларини бартараф этиш бўйича услубий кўрсатма;

Методические рекомендации по выполнению расчётной части оперативного плана пожаротушения;

Рекомендации по размещению пожарно -технического оборудования на основных пожарных автомобилях;

Ёнғин тарқалиши параметрларини ўзгариши қўшма графигини тузиш бўйича услубий кўрсатмалар шулар жумласидандир.

2001 йилда А.Д.Худоев, Р.Э.Қосимов, В.Ф.Стецюк ҳаммуаллифлиги остида «Пожарная тактика» дарслиги нашр этилган.